Ҳурматли ҳамюртлар!
Соғлом болалар — соғлом миллат ва кучли давлатнинг таянчи. Соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ва ёш авлод саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида биз қатъий ва аниқ режаларни амалга оширишда давом этамиз.
Болалар Миллий Тиббиёт Маркази нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиёдаги ягона юқори технологияли тиббиёт муассасаси сифатида фаолият юритиб, ҳар бир боланинг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлашга интилмоқда. Илғор диагностика ва мураккаб даволаш усулларини бутун республика бўйлаб татбиқ этиш — марказнинг асосий устувор вазифаси.
2025 йилда қуйидаги муҳим вазифаларни амалга оширишни режалаштирдик:
📊 Таҳлиллар ва режалаштирилган ислоҳотлар:
- Урология йўналишида 16 та туманда трансуретрал уретра орқа клапанини кесиш ва қовуқни стентлаш амалиётлари жорий этилади. Бу туғма нуқсонли чақалоқларга сифатли даволаниш имкониятини яратади.
- Фарғона вилоятида аорта клапан стенозида транскатетер болон вальвулопластика амалиётини татбиқ этамиз, бу болалар кардиологиясини янги босқичга олиб чиқади.
- Қорақалпоғистон ва Бухоро вилоятларида буйрак трансплантацияси операцияларини маҳаллий мутахассислар мустақил амалга оширади.
- Барча вилоят перинатал марказларида орқа агрессив турдаги ретинопатия учун анти-ВЕГФ терапияси ва Тошкент шаҳрида лазерли даволаш усуллари жорий қилинади.
👩🎓 Малака ошириш ва маҳорат дарслари:
- Қорақалпоғистон, Фарғона, Жиззах ва Қашқадарёда кардиохирургия бўйича малака ошириш дастурлари;
- Навоий ва Наманганда урология соҳасида;
- Хоразм, Сирдарё ва Тошкентда нейрохирургия йўналишида маҳорат дарслари ўтказилади.
🌐 Халқаро ҳамкорлик:
- 5 нафар мутахассис Жанубий Кореянинг KOFIH дастури доирасида Kangbuk шифохонасида беморлар хавфсизлиги бўйича ўқитилади.
- 18 нафар мутахассис Pusan National University базасида соғлиқни сақлашни бошқариш бўйича малакасини оширади.
📁 Марказда илк бор жорий қилинадиган амалиётлар:
- Замонавий электрофизиологик текширув (ЭФТ) ва радиочастот абляция (РЧА) амалиётлари биринчи марта йўлга қўйилади.
- Суяк кўзаги ҳужайралари, жигар ва буйрак трансплантацияси амалиётлари 100 тага етказилади.
🔄 Юқори технологияли ускуналар билан таъминлаш:
- Гамма пичоқ роботлашган тизимлари онкология ва бошқа мураккаб касалликлар учун юқори технологияли операцияларни амалга оширишга хизмат қилади.
Биз, Болалар Миллий Тиббиёт Маркази жамоаси, тиббиётимиз равнақи, болаларнинг сиҳат-саломатлиги учун барча имкониятларни ишга соламиз. Мутахассисларимизнинг юксак малакаси ва халқаро ҳамкорликлар орқали болажонларимиз учун замонавий тиббий хизмат кўрсатишда етакчи ўринни мустаҳкамлаймиз.
Бахтиёржон Умаров
Болалар Миллий Тиббиёт Маркази директори